ABCO икки тилда ACFP томонидан сертификатлашга тайёрлайди

Ўзбекистон Сертификатланган молия мутахассислари уюшмаси (ACFP), Norma МЧЖ ва ABCO Халқаро бухгалтерия ҳисоби ва молия академияси профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битимни имзоладилар. Битим Ўзбекистонда сертификатланган молия мутахассисларини тайёрлаш сифатини оширишга йўналтирилган.
Ҳамкорлик доирасида ACFP барча имтиҳон фанлари бўйича ўқув дастурларини тақдим этади ва ABCO ўқитувчиларини аккредитациядан ўтказади. Norma аккредитациядан ўтаётган ўқитувчилар ҳамда аккредитациядан ўтган мутахассисларда таҳсил олаётган талабалар учун moliya.academy таълим платформасидан бепул фойдаланиш имкониятини таъминлайди. ABCO эса, ўз навбатида, ўқув жараёнини турли форматларда ташкил этади ва ўқув материалларини ишлаб чиқишда иштирок этади.
Йўл харитасига асосан 2025 йил январь ойида ўқитувчиларни ACFPда аккредитациядан ўтказишга тайёрлаш бошланади, март ойидан бошлаб эса дастлабки ўқув курслари бошланади. Йил охиригача янги видеомаърузалар, тест топшириқлари ва амалий кейсларни яратиш режалаштирилган.
«Бу ҳамкорлик молия мутахассисларини тайёрлашнинг сифатли тизимини яратиш учун учта ташкилот экспертизасини бирлаштириш имконини беради. Биз талабаларга замонавий таълим технологиялари ва молиявий-иқтисодий таълим соҳасидаги энг яхши амалиётлардан фойдаланиш имкониятини яратамиз», – деди ACFP директори Мўмин Ашуров.
Битим 2027 йил 1 январга қадар амал қилади ва нотижорат хусусиятига эга. Ўқитиш самарадорлиги ҳар чоракда ABCO талабалари томонидан ACFP имтиҳонларини топшириш натижалари таҳлили асосида баҳоланади.
Маълумот учун: ABCO Халқаро бухгалтерия ҳисоби ва молия академияси – бухгалтерия ҳисоби, аудит ва солиқ солиш соҳасидаги мутахассисларни амалий тайёрлашга ихтисослаштирилган нодавлат таълим муассасаси. Академия молия ва бухгалтерия соҳасида муваффақиятли карьера қилиш учун сифатли тайёргарликни таъминлаган ҳолда, янги бошловчиларга ҳамда профессионалларга ўз кўникмаларини такомиллаштиришда ёрдам беради.