ACCA имтиҳонларини бир уринишда қандай топшириш мумкин: Элдорбек Ҳасанов тавсиялари
Элдорбек Ҳасанов уч йил давомида олтита халқаро имтиҳон, жумладан ДипИФР ҳамда АCCА "Молия ва бизнесни бошқариш" дипломи учун бешта имтиҳон топшириб, аудит ва молиявий менежмент бўйича Ўзбекистон талабалари орасида энг яхши натижалардан бирини қайд этди. У ACFPга берган интервьюсида профессионал имтиҳонларни биринчи уринишда топшириш, банкдаги тўлиқ бандлик билан ўқишни бирга олиб бориш ва узоқ муддатли мартабада ўсиш стратегиясини тузишга ёрдам берадиган ўз тайёргарлик тизими ҳақида сўзлаб берди.
Менинг уч босқичли тайёргарлик тизимим
1-босқич: Асосларни ўзлаштириш (1 ой)
Биринчи қиладиган ишим — қандайдир бир асос, бошланғич билимларни олиш. Масалан, бошқарув ҳисоби асослари, аудит асослари. Имтиҳон ҳақида умумий тасаввурга эга бўламан.
Асосларни қаердан олиш мумкин:
• buxgalter.academy, ifrs.academy ва moliya.academy да бепул курслар;
• умумий шарҳ берувчи видеолар ва мақолалар.
Муҳим: дарҳол тафсилотларга берилиб кетманг. Бу босқичдан мақсад —фаннинг умумий тузилишини тушуниб олишдир.
2-босқич: Дарсликни ўрганиш (1 ой)
Асосий материални — дарслик ёки курсни сотиб оламан. Имтиҳон материаллари одатда дарслик ва топшириқлардан иборат бўлади.
Менинг техникам:
1. Дастлаб дарсликни бир ой давомида тўлиқ ўқиб чиқаман - ҳаммасини тушунмасам ёки эслаб қолмасам ҳам, шунчаки ўқийман;
2. Кейин биринчи мавзуга қайтаман, уни ўрганаман ва шу мавзу бўйича тестларни/топшириқларни ечаман.
Асосий тамойил: биринчи ўқишда тушунарсиз жиҳатларда қолиб кетманг. Умумий тушунча ҳосил қилиш учун ўқинг.
3-босқич: Топшириқларни ечиш (2 ҳафта интенсив)
Сўнгги икки ҳафтани айнан топшириқларни ечишга қолдираман. Имтиҳон бошланишидан олдин оладиган таътилим давомида икки ҳафтани фақат топшириқларни ечишга бағишлайман.
Интенсивлик: Тайёргарликнинг сўнгги босқичида кун давомида ўн-ўн икки соат.
Махфий қурол: имтиҳон олувчиларнинг ҳисоботлари
Имтиҳон олувчиларнинг ҳисоботлари АCCА сайтида эълон қилинади — бу жуда фойдали материал! Имтиҳон олувчиларнинг ҳисоботларини ўқиётганингизда қуйидагиларни кўришингиз мумкин:
• Номзодларнинг аввалги имтиҳонлардаги хатолари
• Ечимга муваффақиятли ёндашувлар
• Имтиҳон олувчилар айнан нимани кўришни хоҳлашади
• Имтиҳон олувчилар томонидан саволларга ёндашув
Бу жуда фойдали — имтиҳон олдидан ҳисоботларни албатта ўрганиб чиқинг!
Имтиҳон техникаси
Аксарият номзодларнинг асосий муаммоси
Фанни яхши биладиган аксарият одамлар — жуда яхши мутахассислар — имтиҳонларни топшира олишмайди. Улар ўтириб, диққат билан ўқийдилар ва батафсил жавоб беришни, барча тафсилотларни чиройли ёзишни хоҳлайдилар.
Лекин бу хато! Имтиҳонлар тўлиқ жавобни талаб қилмайди. Номзод шунчаки ўзлаштириши, ҳеч бўлмаса асосларини билиши керак.
Техник тайёргарлик
Таниқли ўқитувчи Михаил Кузьмин инсон бир дақиқа ичида камида 150 та белги териши кераклигини таъкидлаган. Бу имтиҳонга таъсир қилади!
Териш тезлигини олдиндан машқ қилинг.
Психологик тайёргарлик:
• имтиҳон давомида ҳаяжонланмаслик ва ташвишланмаслик керак;
• совуққон бўлиш лозим;
• тез фикрлаш ва қарор қабул қилишни кўрсатиш керак;
• топшириқни ўқиб, тушуниб олгач — жавобни теришни бошлаш керак.
Имтиҳонда вақтни бошқариш
Олтин қоида
Битта тест ёки битта топшириқ устида бош қотирманг!
Агар билмасангиз:
1. ушбу мавзу доирасида билганингизни ёзишингиз керак;
2. лекин жуда чуқурлашмаслик керак;
3. агар билмасангиз — дарҳол ўтказиб юборинг ва кейинги саволга ўтинг.
Солиқ ёки фуқаролик кодекси билан ишлаш (ACFPда ҳуқуқ/солиқлар бўйича имтиҳонлар учун)
Кодекс ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш мумкин, лекин ёдда тутинг: вақт чеклови мавжуд — уч соат. Кодексга ҳадеб қарайвериш вақтни йўқотишга олиб келиши мумкин.
Вақтни бошқариш ва имтиҳон техникаси жуда муҳим роль ўйнайди.
Иш билан тайёргарликни қандай бирга олиб бориш керак
Менинг тажрибам
Мен банкда тўлиқ ставкада ишлайман. Банкларда ишлаш жуда қийин — у ерда эркин жадвал мавжуд эмас. Имтиҳонларни топшириш учун мен:
• кечқурун соат ўндан кейин уйда яна икки-уч соат ўқишга вақт ажратишимга;
• кундузи яна икки соат материалларни ўрганишимга тўғри келган.
Иш берувчининг қўллаб-қувватлаши
Банкимизда раҳбарият ходимларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлайди ва мослашувчан таътиллар жадвалини тақдим этади. Имтиҳон топшириш учун кетаётганимни айтганимда, мени тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлашди — бу эса мотивация учун яхши омилдир.
Маслаҳат: Ўқув режаларингизни албатта раҳбарият билан муҳокама қилинг. Кўплаб иш берувчилар ходимларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлайдилар.
Имтиҳон тилини танлаш
Ўзбек тили бўйича тажрибам
Солиқ имтиҳони учун ўзбек тилини танладим, чунки:
• банкда йил ёпиладиган давр — тайёргарлик учун кам вақт;
• менинг рус тили даражам ёзма кейслар учун рисоладагидек эмас;
• жавобни она тилида ифодалаш ҳар доим осонроқ.
У ерда шунчаки тестлар эмас, балки ёзиш керак бўлган кейслар ҳам бор!
Имтиҳон қайси тилда ўтказилишидан қатъи назар, натижа бир хил инобатга олинади.
Имтиҳондан бир кун олдин
Имтиҳон арафасида, сўнгги куни, ҳеч нарсани ўрганмайман!
• дам оламан;
• оилам даврасида вақт ўтказаман;
• имтиҳон ҳақида ўйламайман!
Мураккаб имтиҳонлар олдидан мия дам олиши керак.
Мотивация ва узоқ муддатли стратегия
Бу нима учун керак?
Халқаро сертификатлаш:
• билимингизни тасдиқлайди;
• касбий эркинлик беради;
• молиявий хавфсизлик ёстиғини яратади;
• Иш берувчига ўз касбий маҳоратингизни исботлашга ёрдам беради.
Менинг натижам
ДипИФРни олгандан сўнг, иш ҳақим икки баравар ошди. Тошкентга кўчиб келиб, халқаро диплом билан ишга ҳеч қандай ортиқча саволларсиз қабул қилиндим.
Муваффақиятнинг асосий тамойиллари
1. Агар одам бирор нарсага эришишни жуда хоҳласа — бу муаммо эмас.
2. Тизимли тайёргарлик тартибсиз ёдлашдан кўра муҳимроқ.
3. Топшириш техникаси фан бўйича билимлар даражаси каби муҳим.
4. Имтиҳон олувчилар ҳисоботларидан тортиб иш берувчининг қўллаб-қувватлашигача — барча мавжуд ресурслардан фойдаланинг.
5. Имтиҳондан олдин дам олинг — тиниқ фикр сўнгги соатлардаги ёдлашдан муҳимроқ.
Ёдда тутинг: ҳар бир муваффақиятли топширилган имтиҳон сизни тан олинган молия мутахассиси мақомига яқинлаштиради, янги мартаба ўсиш имкониятларини очади ва шахсий ривожланишга кўмаклашади.
Имтиҳонларда омад тилаймиз!
Элдорбек Ҳасанов
ДипИФР ва "Молия ва бизнесни бошқариш" дипломи соҳиби, ACFP аъзоси