Воқеалар

ACCA ва Ўзбекистон ACFP профессионал сертификатлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

2024 йил 2 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Сертификатланган молия мутахассислари уюшмаси (ACFP) раҳбариятининг Сертификатланган дипломли бухгалтерлар ассоциацияси (ACCA) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

ACCA делегациясига Евроосиё ва Яқин Шарқ минтақаси бўйича раҳбар Куш Ахужа ва Марказий Осиё мамлакатлари, Арманистон ва Мўғулистон бўйича ваколатхона раҳбари Жанна Искенова бошчилик қилдилар. ACFP томонидан учрашувда ACFP раиси Михаил Перпер, ACFP директори Мўмин Ашуров ва ACFP ривожланиш бўйича директори Татьяна Шалунова иштирок этдилар.

 

Музокаралар давомида томонлар амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва хорижий инвестицияларнинг ўсиши шароитида Ўзбекистонда молиявий касбнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Минтақаларда таълим салоҳиятини ривожлантириш ва молияни бошқариш соҳасида халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

 

«Иқтисодий очиқлик ва инвестицияларнинг ўсиши шароитида молияни бошқариш, ҳисоб ва аудит, солиқлар ва ҳуқуқ соҳасида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж жиддий ошади», – деди учрашув давомида Михаил Перпер.

 

Куш Ахужа ACFPнинг профессионал инфратузилмани ривожлантириш бўйича режаларини юқори баҳолади ва имтиҳонларни ўзбек тилида топшириш имконияти орқали халқаро сертификатлашга киришни кенгайтиришнинг муҳимлигини таъкидлади.

Мавжуд ҳамкорлик битими доирасида ACCA бешта фан бўйича ACFP имтиҳонларини аккредитациядан ўтказди:

 

  • молиявий ҳисоб асослари;
  • бошқарув ҳисоби асослари;
  • ташкилот ва унинг фаолияти;
  • солиқлар;
  • ҳуқуқ.

 

Ушбу имтиҳонларни ўзбек ва рус тилларида топшириш ва кейинчалик ACCAда ҳисобга олиш мумкин. Бу айниқса ҳудудлардаги ёш мутахассислар учун имкониятларни аҳамиятли даражада кенгайтиради.

Учрашув якунлари бўйича томонлар қуйидагиларни ўз ичига олган келгуси ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгиладилар:

 

  • замонавий профессионал ва таълим стандартларини ишлаб чиқиш;
  • аккредитацияланган дастурлар рўйхатини кенгайтириш;
  • ACFP малакаларини халқаро даражада илгари суриш;
  • ACFPнинг Халқаро бухгалтерлар федерациясига киришига кўмаклашиш.

 

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистонда молиячиларнинг профессионал ҳамжамиятини ривожлантириш учун ACCA ва ACFP ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини тасдиқладилар ва белгиланган режаларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар тўғрисида келишиб олдилар.